Қоровулбозорда «Энг китобхон мактаб» лойиҳасида 1500 турдаги китоблар тақдим этилди
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида «Энг китобхон мактаб» лойиҳасида 1500 турдаги китоблар тақдим қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қоровулбозор туманида ҳокимлик, туман Халқ таълими бўлими ва Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Қоровулбозор туманида жойлашган ҳарбий қисм билан ҳамкорликда «Китоб маркази», «Китоб дунёси» тармоқ савдо марказлари томонидан ўтказилаётган «Энг китобхон мактаб» лойиҳаси бошланишига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, тадбир «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори, журналист Шуҳрат Охунжонов раҳбарлигида ташкил этилган.
Тадбир давомида «Энг китобхон мактаб» лойиҳаси ташкилотчиси Шуҳрат Охунжонов томонидан туман ҳокими, халқ таълими бўлими ҳамда барча мактаб директорларига бадиий китоблар эсдалик совға сифатида топширилган.
Маълумот учун, ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида ўтказилган ҳамда лойиҳа доирасидаги тадбирларда 3 миллион нафардан ортиқ ўқувчилар ва маҳаллий аҳоли жалб этилган. Шунингдек, 2020 йил якунига қадар китобхонлар сонини 10 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.
Бундан аввал Вобкентда «Энг китобхон мактаб» танлови бошлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Самарқандда салкам 700 минг китоб фондига эга кутубхона реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилгани маълум қилинганди.