Юридик шахсларга электрга тўловларни мобил иловалар орқали амалга ошириш имкони яратилади
Давлат раҳбарининг фармони билан белгиланган йўл харитасида юридик шахсларга электр энергияси учун тўловларни корпоратив картадан мобил иловалар орқали тўловларни амалга ошириш тизимини жорий этиш белгиланган.
Бу бўйича Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» ҳамда «Ҳудудгазтаъминот»га норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, 2025 йилнинг февралига қадар киритиш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистонда корпоратив истеъмолчилар тўловларини ягона шахсий варақда юритиш тизимини жорий этиш режалаштирилган. «Ҳудудгазтаъминот» январ ойида ички буйруқ чиқариши ва ҳудудий филиалларида амалда қўлланишини таъминлаши керак.
Бундан ташқари, табиий газ истеъмолини онлайн назорат қилиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» давлат компаниясининг Hududgaz Corporate дастурини Солиқ қўмитасининг my.soliq.uz дастури билан интеграция қилишни якунлаш топширилди.
Бунда электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) улгуржи истеъмолчиларга ҳисобот ойи давомида хатоликларсиз тўлиқ жўнатилиши керак.
Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот»га 2025 йилнинг мартигача табиий газдан фойдаланиш қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.