Ўзбекистонда Афғонистондан олиб келинган 37 кг дан ортиқ наркотик модда тўхтатиб қолинди

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Мамлакатга катта миқдорда контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситалари айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Натижада, Афғонистондан 25 кг 444 гр «опий» ва 11 кг 86 гр «гашиш» моддалари мамлакатга контрабанда қилинганлиги аниқланади.

Шу билан бирга, назорат остида Самарқанд шаҳрига етказилган гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олган вақтларида 1989 ва 1997 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро ҳамда 1993 ва 1995 йилларда туғилган 2 нафар хорижлик фуқаро ушланади.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятидаги тезкор тадбирда эса 1955 ва 2001 йилларда туғилган 2 нафар Афғонистон фуқароси Термиз халқаро савдо марказида 1 кг 76 гр «опий» моддасини шартли харидорга 5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинади.

Аниқланишича, улар гиёҳвандлик воситаларини яширин тарзда олиб келишда ўз ички органларидан «жонли контейнер» сифатида фойдаланишган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон