Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Албания биринчи хонимларининг учрашуви бўлиб ўтди

Учрашув давомида юқори мартабали меҳмонга «Келин салом» урф-одати ва миллий амалий санъат намуналари кўрсатилди

Албания Республикаси президентининг мамлакатга расмий ташрифи доирасида Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳамда Албания Республикаси Биринчи хоними Арманда Бегайнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда икки давлат раҳбарларининг рафиқалари Ўзбекистон ва Албания халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Маданий дастур давомида олий мартабали меҳмон ўзбек амалий санъати усталарининг ижод намуналари, жумладан, ёғоч ўймакорлиги, қадимий сўзана каштачилиги техникаси ҳамда анъанавий кулолчилик буюмлари билан танишди.

Олий мартабали меҳмон ўзбек халқининг миллий анъана ва урф-одатларига самимий қизиқиш билдириб, уларнинг чуқур тарихий илдизлари, гўзаллиги ва бетакрорлигини алоҳида таъкидлади, — дейилади хабарда.

Дастурнинг ёрқин лаҳзаларидан бири анъанавий ўзбек либослари намойиши, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос жиҳатларни акс эттирган «Келин салом» маросими тақдимоти бўлди.

 

Ўзбекистон