Навоийда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм ўқилди

Судланувчи сув ичишга чалғиб, пастга тушган қопқоқни излаётган вақтда бошқарувни йўқотган

Навоий вилоятида 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаси жорий йилнинг 5 январь куни содир бўлган.

Хусусан, «Зарафшон — Навоий» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус А-379 «Навоий — Учқудуқ» автомобил йўлида бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган ва ағдарилган.

ЙТҲ оқибатида 3 нафар йўловчи (улардан бири вояга етмаган шахс) ҳодиса жойида ҳалок бўлган, яна 21 киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Суд мажлисида 40 ёшли ҳайдовчи Х. Ш. сув ичиш учун чалғиганини ва пастга тушиб кетган идиш қопқоғини излаётган вақтида бошқарувни йўқотиб қўйганини маълум қилган.

Суд ҳукми билан айбланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топилди.

Х. Ш. 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жазони манзил-колонияда ўташ шарти билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, ҳайдовчидан автобус тегишли бўлган корхона фойдасига 147 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундирилди.

Ўзбекистон