Тошкент ва Самарқанд вилоятларида катта миқдорда наркотик моддалар аниқланди

Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида тезкор тадбир ўтказилиб, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Жиноят Кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 273-моддасида (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 2025 йилдан буён қидирувда бўлган, 1992 й.т. шахс ушланади ва у томонидан ижарага олинган хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Натижада, хонадон ошхонасидаги музлатгич ичида 151 гр «опий» ва ҳожатхона шахтаси ичида 4 кг 971 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлади. Аниқланишича, ушбу наркотиклар қўшни давлатдан контрабанда қилинган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2003 й.т. 2 нафар фуқаро шартли харидорга 932 гр «гашиш» ва 2,5 гр «опий» моддаларини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон