Фарғонада «гашиш» гиёҳвандлик воситасининг савдоси тўхтатиб қолинди
Гиёҳвандлик воситалари пойтахтдаги харидорларга сотилиши режалаштирилган эди

Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Жумладан, «Қўқон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1995 й.т. шахс бошқарувидаги «Voyah» русумли автомашина Наманган вилояти Поп туманидаги «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилади.
Натижада, автомашина салонидаги ўриндиқ остида қора рангли целлофан пакет ичида соф оғирлиги 1 кг 178 гр «гашиш» моддаси ва 8 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланади.
Маълум бўлишича, у гиёҳвандлик воситаларини пойтахтдаги мижозларга сотиш мақсадида олиб кетаётган бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





