Германия президентининг Ўзбекистонга кутилаётган расмий ташрифи дастури эълон қилинди
Ташриф дастурига мувофиқ, икки давлат раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтади

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер рафиқаси ҳамроҳлигида 17-18 июнь кунлари расмий ташриф билан мамлакатда бўлади.
Ташриф давомида Ўзбекистон – Германия кўп қиррали муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Томонлар савдо, саноат кооперацияси, энергетика ва «яшил» технологиялар, транспорт ва логистика, фармацевтика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, таълим ва гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Музокаралар доирасида бир қатор янги қўшма лойиҳа ва дастурларни ишга тушириш ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қўшимча суръат бағишлайдиган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.





