Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Кенгаш «оддий маслаҳат механизмидан амалий ислоҳотлар майдонига, Янги Ўзбекистон билан жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприкка» айланганини таъкидлади.
Президент бугун Кенгаш мустақил Ассоциация мақомига эга бўлиб, том маънода кучли институт даражасига кўтарилганини билдирди. Хусусан, ўтган бир йил давомида Кенгашда иштирок этаётган компаниялар сони 54 тадан 85 тага етди. Улар иқтисодиётимизнинг 23 та тармоғини қамраб олган ҳолда, ишчи гуруҳлар фаолиятида бевосита иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки, Осиё Тараққиёт Банки ва Халқаро Молия Корпорацияси Кенгашнинг Ижроия қўмитаси таркибида фаолият юритмоқда.
Ҳурматли кенгаш иштирокчилари! Сизлар билан ўтган йили ҳам учрашиб, кўп масалаларни гаплашиб олган эдик. Аввалги мажлисда илгари сурилган 21 та ташаббусга аниқ ечимлар берилди. Шуни алоҳида таъкидламоқчиман, инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштирдик. Жумладан: Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай бўлган ўзгартиришлар киритилди; компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молия назоратидан чиқарилди; асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди; халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий ширкатлар учун кўплаб мажбурий талаблар бекор қилинди, — деди президент.
Бундан ташқари, «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш дастури тайёрланди.
Қайд этилишича, ўтган даврда Кенгаш ҳузуридаги ишчи гуруҳлар томонидан инвесторлар учун 50 дан ортиқ фойдали йиғилишлар ўтказилди. Натижада муқобил инвестиция жамғармалари, гаров қонунчилиги, масъулиятли бизнес юритиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш ва энергетика каби устувор йўналишлар бўйича муаммолар хорижий инвесторлар ҳамраислигида атрофлича муҳокама қилинди.
Бугунги мажлисга тайёргарлик жараёнида сизлардан 120 та янги таклиф ва ташаббус келиб тушди. Уларнинг барчасини батафсил таҳлил қилиб, еттита устувор йўналишга бирлаштирдик. Булар: инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ тизими, кадастр, энергетика, молия ва банк тизими, корпоратив бошқарув, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт масалаларидир.
Айниқса, валюта айланмасидаги мониторинг жараёнларини енгиллаштириш; исломий суғурта, «яшил» кредит, банкларнинг муаммоли активлари савдосини йўлга қўйиш каби янги молиявий механизмларни жорий қилиш; корхоналарда атроф-муҳит, ижтимоий масъулият ва самарали бошқарувни ўз ичига олган ESG тамойиллари қўлланишини рағбатлантириш каби таклифлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир, — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти ушбу долзарб вазифани ўз зиммасига олган ишчи гуруҳлар ҳамраислари — «Vision Invest», «BDO», «Crowe», «OTP Group», «Franklin Templeton», «Ernst & Young», «Kosta Legal» ва «ACWA Power» компаниялари раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, йил давомида самарали фаоллик кўрсатиб, муҳим ҳужжатлар ва пухта ташаббуслар тайёрлагани учун Кенгашнинг барча аъзоларига алоҳида ташаккур айтди.





