ТИВ: Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида меморандум имзоланганини олқишлайди
Ўзбекистон кейинги музокараларнинг конструктив руҳда ўтишига ҳамда уларнинг натижали амалга оширилишига умид қилади

Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида англашув меморандуми имзоланганини олқишлайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.
Ўзбекистон Республикаси Америка Қўшма Штатлари ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланганини ҳозирги мураккаб халқаро шароитда кескинликни юмшатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги муҳим дипломатик ютуқ сифатида олқишлайди, — дейилади хабарда.
АҚШ ва Эрон раҳбариятининг ҳал қилувчи паллада кўрсатган сиёсий иродаси ва узоқни кўра билишини алоҳида эътироф этилиши таъкидланди. Эришилган келишув халқаро ҳамжамият узоқ вақтдан буён кутган тинчлик йўлидаги барқарор ечим учун мустаҳкам замин яратиши билдирилди.
Ушбу муҳим ўзаро англашувга эришиш учун зарур шароитларни шакллантиришга ҳисса қўшган Покистон ва Қатарнинг катта ҳиссасини, шунингдек Туркия, Саудия Арабистони, Миср ва бошқа минтақавий ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз, — деб таъкидланди.
Ўзбекистон музокараларнинг кейинги босқичлари конструктив руҳда давом этиши ва эришилган келишувлар самарали амалга оширилишига умид қилиши таъкидланди.





