Андижонда вояга етмаган боланинг калтакланиши тафсилотлари очиқланди
Вазиятга болалар ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган

Аввалроқ Андижон вилояти Шаҳрихон туманида бир эркак болани шафқатсизларча калтаклагани маълум қилинган эди. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти содир бўлган воқеа юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йил 18 июн куни соат 15:05 да Шаҳрихон туманида яшовчи 46 ёшли фуқаро Т. И. томонидан «102» қисқа рақамига мурожаат келиб тушган.
Унда 9 ёшли ўғлига тан жароҳати етказилгани ҳақида хабар берилган. Ушбу мурожаат асосида ички ишлар органлари ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, 2016 йилда туғилган икки нафар вояга етмаган бола ўртасида келишмовчилик юзага келиб, улар ўзаро муштлашиб кетган.
Шу вақтда улардан бирининг отаси 1988 йилда туғилган М. Б. вазиятга аралашиб, қўшни болага бир неча бор қўл кўтарган. Натижада вояга етмаган бола тан жароҳати олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.





