Ўзбекистонда болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди

Ҳужжатда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда йирик миқдорда жарималар қўлланилиши кўзда тутилган

Ўзбекистонда болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклиф қилинди. Бош прокуратура тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 128-11-модда — «Болаларни ташиш ва болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузиш» билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

Болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилган ҳолда, БҲМнинг 30 баравари (12,3 млн сўм) миқдорида жарима жазоси назарда тутилади.

Агар ҳуқуқбузарлик ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилса, БҲМнинг 50 баравари (20,6 млн сўм) миқдорида жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.

Болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 30 баравари (12,3 млн сўм) миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда. Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, БҲМнинг 50 бараваригача (20,6 млн сўм) миқдорда жарима назарда тутилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда бу каби ҳуқуқбузарликлар учун етарлича аниқ ва самарали жавобгарлик чоралари мавжуд эмас, бу эса уларнинг кенг тарқалишига сабаб болмоқда.

Ўзбекистон