Халқаро қидирувда бўлган шахс Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Товламачилик учун қидирилаётган фуқаро Россия орқали транзит тарзида мамлакатга олиб келинган

Мисрдан Ўзбекистонга Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган эркак экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ушбу шахс товламачилик жиноятини содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.

Натижада, қидирувдаги шахс Миср ҳудудида аниқланиб, қўлга олинган. Ваколатли органлар томонидан тегишли материаллар кўриб чиқилиб, зарур экстрадиция чоралари якунлангач, фуқарони Ўзбекистон томонига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Хусусан, Қоҳира ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов мавжуд эмаслиги сабабли, уни олиб келиш йўналиши Россия Федерацияси орқали транзит тарзида ташкил этилган.

Экстрадиция қилинган шахс Ўзбекистон Республикасига олиб келингач, мамлакат қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди, — дейилади хабарда.

 

Ўзбекистон