Ўзбекистонда муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши мумкин
Депутатлар жарималар миқдорини оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари яроқлилик муддати кўрсатилмаган, шунингдек, яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш ва муомалага киритишнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонун лойиҳаси билан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Қодекснинг 178-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, яроқлилик муддати ўтган, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш мақсадида қабул қилганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жарималар миқдорини ошириш назарда тутиляпти.
Ҳужжатнинг асосий мақсади аҳоли саломатлиги ва ҳаётини мустаҳкамлашдан иборатлиги билдирилди.





