Ўзбекистонда Amazon Leo сунъий йўлдош интернети ишга туширилади

Тошкент инвестиция форумида юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернети хизматларини кўрсатиш бўйича келишув имзоланди

Ўзбекистон ҳудудида Amazon Leo сунъий йўлдош интернети ишга туширилади, деб хабар бермоқда Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 16-18-июн кунлари пойтахтда Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда.

Форум доирасида Америка Қўшма Штатларининг Amazon Leo компанияси ҳамда «УЗ-САТ» ҚК МЧЖ ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернет хизматларини тарқатиш бўйича келишув имзоланди.

Amazon Leo сунъий йўлдош алоқа тармоғи юқори тезликдаги интернетга уланиш хизматларини тақдим этади. Ушбу хизматлардан фойдаланувчилар нафақат шаҳар ҳудудларида, балки телекоммуникация инфратузилмаси чекланган ёки мавжуд бўлмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари ҳамда ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Amazon Leo тизими юқори тезликдаги оптик алоқалар орқали ўзаро боғланган ва ер устидаги хавфсиз глобал шлюз станциялари, толали-оптик тармоқлар ҳамда интернет уланиш нуқталари билан интеграция қилинган 3 000 дан ортиқ сунъий йўлдошлар гуруҳи асосида фаолият юритади.

Ўзбекистон