Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади
Давлат раҳбари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган олтита устувор йўналишни кўрсатиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади
Давлат раҳбари аввало бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашаётган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, жамғармалар вакиллари ва етакчи ишбилармонларни кўриб турганидан хурсандлигини билдирди.
Қайд этилишича, форум доирасидаги биргаликдаги ҳаракатлар туфайли катта марраларга эришилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистонга 150 млрд доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 млрд доллари охирги беш йилга тўғри келмоқда.
Биринчи йўналиш – инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш:
Инвесторлар ҳуқуқларини кучли институтлар, эътироф этилган халқаро механизмлар орқали таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борада март ойидан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишларни бошладик. Марказнинг ҳуқуқий асослари Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади. Ушбу Марказ иштирокчилари учун жозибадор солиқ тизими яратилади. Фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божлари ноль фоиз этиб белгиланади.
Дастлабки босқичда бу каби имтиёзларнинг амал қилиш муддати 50 йил этиб белгиланади. Марказда Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб-тамойил жорий этилади, мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилинади. Унда нуфузли хорижий судьялар ва халқаро экспертлар фаолият юритади. Шу билан бирга, инвестицион медиация тизимини ҳам ривожлантирамиз. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш ниятидамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Иккинчи йўналиш – капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш эканлиги таъкидланди. Ўзбекистон янги авлод молия технологиялари ва сармоя бозорларини жадал ривожлантирмоқда. Ўтган даврда халқаро бозорларда 16 млрд доллардан зиёд облигацияларни жойлаштирилди.
Шу билан бирга, миллий валютадаги корпоратив евро-облигацияларни ҳам айланмага киритилди. Илк бор 13 та стратегик корхона активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30% акцияларини Тошкент ва Лондон фонд биржасига чиқарилди.
Учинчи йўналиш – юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш. Хусусан, саноатнинг барча тармоқларида янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қийматни яратиш бўйича катта дастурлар бошланди. Келгуси беш йилда саноатда юқори технологияли маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробарга кўпайтирилади.
Қадрли дўстлар! Биз эртага сармоядорлар билан доимий институционал мулоқот формати – Президент ҳузуридаги Инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисини ўтказамиз. Бир стол атрофида ўтириб, юзага келаётган ҳар қандай муаммоларга самарали ечимлар топамиз ва аниқ вазифаларни белгилаб оламиз.
Чунки биз учун инвестиция бу фақат иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари ва давр билан ҳамнафас тараққиёт демакдир.
Ҳар қандай буюк орзу ва ниятни ҳаётга тўла татбиқ этишда асосий ҳамкор, ҳеч шубҳасиз, эзгу ниятли инвесторлар, десак, муболаға бўлмайди. Шу боис, диёримизга катта ишонч ва ғоялар билан келаётган хорижий сармоядорларга Янги Ўзбекистоннинг эшиклари ҳамиша очиқ. Президент сифатида шахсан ўзим ва Ҳукуматимиз ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз. Тошкент инвестиция форуми руҳи барчангизни мамлакатимизга доим чорлаб туришига, умумий муваффақият рамзига айланишига ишонаман, — деди президент нутқи якунида.





