Жо Байден Исроилга 8 миллиард долларлик қурол сотиш ниятида

АҚШ президенти Жо Байден ваколати тугашидан олдин Исроилга 8 миллиард долларлик қурол пакетини сотмоқчи. Бу ҳақда Axios портали манбаларга таяниб хабар берди.

Унга кўра, АҚШ давлат департаменти Конгрессни яҳудий давлатига қурол-яроғ ва ўқ-дорилар сотиш бўйича битим тузиш нияти ҳақида норасмий равишда хабардор қилган. Хусусан, Қўшма Штатлар Исроилга қирувчи ва ҳужум вертолётлари учун ҳаво-ҳаво ракеталари, артиллерия снарядлари, кичик диаметрли бомбалар, қўшимча ўқ-дорилари тўпламлари, 500 фунтли бомба (тахминан 227 кг) ва бошқа ўқ-дорилар билан таъминлайди.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, келишув “Исроил хавфсизлигини узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш” учун мўлжалланган. Баъзи қуроллар тўғридан тўғри Пентагон омборларидан Исроилга етказилиши кутилмоқда, аммо аксарият қуролларни етказиб бериш “бир йил ёки ундан кўпроқ вақтни олади”.

Axiosнинг таъкидлашича, Исроилга эҳтимолий қурол савдоси АҚШ Вакиллар Палатаси ва Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак.

Жаҳон