Тошкентдаги «Салар» каналига суюқ чиқиндилар оқизилгани бўйича 2 млрд сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланди
Экологлар ушбу ҳаракатлар билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва Сув кодекси талаблари бузилганини маълум қилишди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Шота Руставели кўчасидаги қурилиш ишлари чоғида оқова сув қувури шикастлангани ва оқибатда оқова сувлар «Салар» каналига оқиб туша бошлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ҳолат Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, «Шота Руставели» кўчасида «Б.Б.» МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой биносини қуриш давомида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувурга шикаст етказилганлиги, натижада қувурнинг маълум қисми ўпирилиб тушганлиги аниқланди.
Тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар эса Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Салар» каналига ҳеч қандай тозалаш ишларини олиб бормасдан, махсус насослар ёрдамида тўғридан-тўғри ташланган.
Суюқ чиқиндилардан Тошкент шаҳар Экология бош бошқармасининг таҳлилий лаборатория бўлими томонидан намуна олинди.
Олинган намуналарда Экология миллий қўмитаси ҳузуридаги Экологик мониторинг миллий маркази томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, нефт маҳсулот қолдиқлари белгиланган меъёрдан 5,02 марта, азот аммоний 43,5 марта, ХПК 4,9 марта, муаллақ моддалар эса 13,6 марта юқори эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, суюқ чиқиндилар тўпланган тупроқ намуналарининг таркибида нефт маҳсулот қолдиқлари 2,6 дан 11,4 мг/кг гача эканлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, 63 936 метр куб ҳажмдаги суюқ чиқиндилар «Салар» каналига ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда чиқариб ташланган.
Ушбу ҳолат содир этилиши натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси, «Сув кодекси»нинг 23, 117, 153-моддалари талаблари қўпол равишда бузилган. Натижада 2 млрд 160 млн 13 минг 824 сўм компенсация тўлови ҳисобланган, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, МЧЖ томонидан оқова сув тармоғига шикаст етказилганлик ҳолати натижасида тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар ташланиши оқибатида ер релефидаги тупроқ ифлослантирилган. Таҳлил натижаларига кўра, нефт маҳсулот қолдиқлари белгиланган концентрация миқдоридан ўртача 5,2 марта юқорини ташкил этган.
Натижада «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси, «Ер кодекси»нинг 40, 79, 85-моддалари талаблари бузилган. Ҳолат юзасидан 60 млн 27 минг 81 сўм компенсация тўлови ҳисобланди. «Б.Б.» МЧЖ жами 2 млрд 220 млн 40 минг 905 сўм компенсация тўлайдиган бўлди.





