Трамп Халқаро жиноий судга қарши санкциялар киритди
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ фуқаролари ва Исроил каби АҚШ иттифоқчиларига нисбатан олиб борилаётган терговлар туфайли Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида эълон қилинди.
Трампнинг 6 февраль куни имзолаган фармони АҚШ томонидан молиявий ва виза чекловларини назарда тутади. У АҚШ фуқаролари ва иттифоқчиларига қарши суд терговларини қўллаб-қувватловчи ХЖСнинг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзоларига қўлланилади.
Ҳужжатда айтилишича, ХЖС АҚШ ва Исроилга қарши «ноқонуний ва асоссиз ҳаракатлар содир этган» ва «қонуний асосларсиз ўз юрисдикциясини эълон қилган ҳамда Қўшма Штатлар фуқаролари ва уларнинг баъзи иттифоқчилари, жумладан Исроилга нисбатан дастлабки тергов бошлаган». Трамп суд «ўз ваколатларини янада кўпроқ суиистеъмол қилиб», Исроил бош вазири ва собиқ мудофаа вазирини ҳибсга олишга «асоссиз ордерлар» берганини айтди.
Бундан ташқари, АҚШ президенти Вашингтон ҳам, Исроил ҳам ХЖС юрисдикциясига кирмаслигини таъкидлади. Унга кўра, Гаагадаги суднинг ҳаракатлари Қўшма Штатлар «суверенитетига тажовуз қилади ва мамлакат миллий хавфсизлиги ҳамда ташқи сиёсати соҳасидаги ишларга таҳдид» солади.