Ўзбекистонда маҳаллий атлетлар томонидан спорт бўйича биринчи Гиннес рекорди ўрнатилди
Guinness World Records сайтида 2024-йил 15-май куни Тошкент халқаро аэропортида қайд этилган жаҳон рекордига оид маълумотлар эълон қилинди. Унга кўра 6 нафар ўзбек полвони 13 тоннали самолётни 46,7 сонияда 100 метрга силжитди.
Шу куни Гиннес рекордлари китобининг комиссари Мбали Масечаба Нкоси хоним иштирокида Ўзбекистон Бодибилдинг ва фитнес федератсияси жамоаси Silk Avia компаниясининг 13 500 кг оғирликдаги АТР 72-600 лайнерини атиги 46,7 сония ичида 100 метр масофага силжитишга эришди.
Ўзбекистон Бодибилдинг ва фитнес федератсияси президенти Тимур Сабиров ушбу воқеани қуйидагича тавсифлади:
“Бу ютуқ – биринчи навбатда жамоамизни тайёргарлик жараёнининг барча босқичларида қўллаб-қувватлаб келган 7SABER брендининг кўмаги натижасидир. Умуман олганда, бутун дунёда спорт ва байроқ шаъни учун бунчалик жон куйдирадиган бизнес-тузилма вакилларини топиш қийин. Бизга Orient Group, Uzbekistan Airports, The Burger, Silk Avia ҳамда Миллий авиакомпания томонидан кўрсатилган ёрдам аслида бебаҳо. Табиийки, уларнинг ёрдамисиз Гиннес рекордига эриша олмасдик. Шунингдек, мен полвонларимизнинг ҳақиқатда етук натижасини алоҳида қайд этишни истардим: 46,7 сония – мисли кўрилмаган кўрсаткич. 15-май куни аэропортда бўлган барча экспертлар бу рекорд ҳали узоқ амал қилишини бир овоздан тасдиқламоқда: бу кўрсаткични янгилаш жуда қийин бўлади”.
Хусусан, рекорд биринчи уринишданоқ ўрнатилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Guinness World Records томонидан дастлаб 60 сонияда улгуриш шарти белгиланган эди. Спортчиларимиз тайёргарлик машғулотларида турли натижаларни намоён этган, аммо 15-май куни қайд этилган 46,7 сония энг яхши натижа бўлди.
7SABER Бош директори Ораз Абдуразаков ўз фикрини қуйидагича изоҳлади:
“Аслида Гиннес рекордига оид ғоя биринчи марта 2021-йилда Тошкентда бўлиб ўтган бодибилдинг бўйича Чемпионат вақтида юзага келган эди. Ўшанда спортчиларимиз кўп сонли медалларни қўлга киритган, бу орада мамлакат бўйлаб миллионлаб одамлар бу спортнинг нақадар томошабоп эканлигини тушунган. Бироқ у вақтда кичик авиатсия ривожланиши бундай лойиҳани юксак даражада амалга ошириш имконини бермасди. Жорий йилга келиб барчаси ўзгарди: Ўзбекистонда бирйўла пайдо бўлган бир нечта авиакомпанияларнинг айримлари ўртача ҳажмдаги авиалайнерлардан фойдаланади. Хон атлас услубидаги ёрқин рангли Silk Avia самолётини кўргач, бу лайнер рекорд учун яратилганини тушундик. Оқибатда ҳаммаси худди шундай бўлди”.
Рекордчи спортчилар жамоаси: Бекзод Худойқулов, Шерзодбек Гайназаров, Фарход Дадамуxамедов, Умид Хусанов, Бахшулла Сайфуллаев ва Аброрбек Фозилов.