Ўзбекистон Мозори Шарифдаги халқаро аэропортни тиклайди
Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев Ўзбекистон Мозори Шарифдаги Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий халқаро аэропортини реконструкция қилишини айтди.
Келтирилишича, Исматилла Эргашев 14 ноябрь куни Балхда «Толибон» ҳаракати билан бўлиб ўтган учрашувда бу ҳақда маълум қилган. У афғонлар инфратузилма масаласида Ўзбекистонга таяниши мумкинлигини таъкидлаган.
«Биздан аэропорт фаолиятини тиклаш ва ускуналарни таъмирлаш учун ёрдам бериш сўралди. Шу боис Ўзбекистондан 30 нафар техник ходим олиб келдик, улар ускуналарни таъмирламоқда, аэропортни реконструкция қилмоқда ва тез орада аэропорт ишга тушади», — деган у.
Эргашевга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга турли соҳаларда, хусусан, инфратузилма соҳасида ёрдам беришга ҳаракат қилади. Ўз навбатида, Балх маҳаллий расмийлари Ўзбекистонни Афғонистон билан иқтисодий ва икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтиришда ҳамкорлик қилишга чақирган. Балх вилояти ҳокими Қудратуллоҳ Абу Ҳамзанинг сўзларига кўра, томонлар, шунингдек, трансафғон темир йўл лойиҳаси, электр энергия етказиб беришни кредитлашни муҳокама қилган.
Афғонистон авиация ва транспорт вазири ўринбосари Ҳасибулла Сурош ўзбекистонлик мутахассислар барча авиация техникаси, бошқарув минораси, ўт ўчириш бўлими, ёритиш тизимининг ишлашини созлаши, аэропортнинг 83 нафар ходими малака ошириш учун Ўзбекистонга боришини маълум қилган.