Бухорода 5 нафар ишчи канализация қувурига тушиб кетди: 3 кишининг жасади топилди
Бухоро вилоятида 5 нафар ишчи канализацияга тушиб кетиб, кучли оқим сабабли оқиб кетди, 3 нафар ишчининг жасади олиб чиқилди, яна 2 нафари қидирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ бошқармаси хабар берди.
Ҳодиса ҳақида хабар 4 сентябрь куни соат 12:02 да ИИБга келиб тушган. Унга кўра, «Боғидашт» қишлоғи ҳудудидан ўтувчи марказий канализация қувурига 5 нафар ишчи эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган.
Аниқланишича, 4 сентябрь куни «Файз бинокор Олтиариқ» МЧЖнинг жами 5 нафар ишчилари ушбу ҳудуддан ўтган канализацияни таъмирлаш жараёнига жалб этилган.
«Ўрта Осиё қурилиш» МЧЖга қарашли Камаз русумли, кран ҳайдовчиси томонидан ҳажми 1000 мм, диаметри 8 метр бўлган мазкур канализацияга янги қазилган канализацияни бирлаштириш (улаш) учун ички томондан туйнук очиш мақсадида Бухоро вилояти Сув ва оқова таъминоти бўйича инжиниринг компаниясининг рухсатисиз қопқоқни жойидан очиб олиб қўйилган.
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли, 5 нафар ишчилар ушбу канализацияга тушиб кетиб, кучли оқим туфайли оқиб кетишди, — дейилади хабарда.
Зарманоқ МФЙ ҳудудидан ўтувчи оқова сувларни узатгич пунктидаги қувурлар ичида 3 нафар фуқаронинг жасадлари топилди, яна 2 нафари қидирилқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а» банди билан (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.