Андижон вилоятидаги бир нечта туман ҳокимлари пневмониядан даволанаётгани маълум бўлди
Андижон вилоятининг Шаҳрихон, Хонобод, Пахтаобод ва Олтинкўл туманлари ҳокимлари пневмониядан даволанмоқда. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Қайд этилишича, нашр мухбири ушбу маълумотга ойдинлик киритиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланган.
Олинган маълумотларга кўра, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов, Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев, Пахтаобод тумани ҳокими Маҳмуджон Бозоров ва Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоевлар айни пайтда пневмониядан даволанмоқда.
Мутасаддиларнинг билдиришича, Шаҳрихон ҳокими Ҳикматилло Дадахонов вилоят юқумли касалликлар шифохонасида пневмониядан даволанмоқда. Ҳокимнинг белгиланган муолажаларни олиб бўлгани сабабли тез орада иш фаолиятига қайтиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев, Пахтаобод тумани ҳокими Маҳмуджон Бозоров ва Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоевлар ҳам айни вақтда пневмониядан даволанмоқда.