Бағдодда салкам 500 та уйни сув билан таъминлашга 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланди
Фарғона вилояти Бағдод туманида 487 та уй-ҳўжалиги сув билан таъминланиши учун 1 миллиард 230 миллион сўм сарфланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бағдод туманининг «Бедарак» МФЙ таркибидаги Дўстлик қишлоғида узоқ йиллардан бери ичимлик суви билан боғлиқ муаммо бўлган. Маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағ эвазига 3 километр масофадан тармоқ тортилиб, сув минораси ўрнатилган. Натижада 487 та хўжалик сув билан таъминланган.
«Сув таъминоти» раҳбари Баҳодир Мирзаабдуллаев 3 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилгани бунинг учун эса 1 миллиард 230 миллион сўм сарфланганини маълум қилган. Шунингдек, Дўстлик қишлоғида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ростдан ҳам муаммо бўлганлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, туман аҳолисининг 82 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. «Сув таъминоти» МЧЖ томонидан ҳозирда «Мурувват» МФЙ таркибига кирувчи Қосимобод ва Гулистон қишлоқларига тармоқ тортилмоқда. Бу ишлар ҳам якунлангач, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш кўрсаткичи 89 фоизга етади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда сўнгги уч йилда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун 372 миллиард сўм сарфланганди. Шунингдек, Асакада 17 минг аҳолини сув билан таъминлайдиган иншоотнинг реконструкция лойиҳаси кўриб чиқилгани маълум қилинган.