Бош прокуратура Андижонда калтакланган ИИБ ходими иши бўйича қўшимча маълумотларни эълон қилди
Андижонда 24 сентябрь куни ИИБ ходими икки нафар фуқаро томонидан калтакланган эди. Маълум қилинишича, Андижон шаҳар ИИБ ходими «Damas» билан йўл четидаги «Spark»га бориб урилган. Бунга жавобан «Spark» ичида бўлган Х.Б. ва унинг ёнидаги Х.Э. ИИБ капитани С.Ғ. билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказган.
Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан «Tez News»га қўшимча маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, жабрланувчига нисбатан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг хулосаси чиққан. Унда ИИБ капитанида бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, чап томон ғалвирсимон суяк катакчаларининг ёпиқ синиши, бурун тўсиғининг травматик қийшайиши, чап кўз қовоқлари қонталаши, тери ости гематомаси, чап кўз олмаси 2-даражали контузияси, чап чакка соҳаси шилинган жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган. Мазкур тан жароҳатлари ҳаёт учун хавфлилик даражасига кўра, ўртача оғир тан жароҳатлари туркумига кириши белгиланган.
Шунингдек, терговга келишдан бўйин товлагани учун қидирувга берилганлардан бири — Х.Э. топилган. Таъкидланишича, у коронавирус юқтириб даволанаётганлиги сабабли терговга кела олмаган. Унинг касалликдан кейинги ҳолати ва оила аъзолари томонидан 30 миллион сўм гаровга қўйганидан келиб чиқиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.
Маълумот учун, ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси С.Ғ. ўзининг бошқарувида бўлган «Damas» билан (бошқарувни йўқотиши натижасида) йўл четидаги «Spark»га бориб урилган. Бунга жавобан «Spark» ичида бўлган Х.Б. (ҳайдовчи) ва унинг ёнидаги Х.Э. ИИБ капитани С.Ғ. билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан Х.Б. ва Х.Э.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилган, гумондорлар қидирувга берилиб, ушланган заҳоти қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиши белгиланган.
Айни пайтда «Spark» ҳайдовчиси Х. Б. қидирилмоқда.
Аввалроқ Данғарада «Lacetti» ва «Matiz» тўқнашиши оқибатида вояга етмаган бола вафот этгани, Андижонда «Damas»ни маст ҳолатда бошқарган фуқарога чора кўрилгани хабар қилинган эди.