Бухоро шаҳридаги маҳаллада 400 кВА қувватга эга бўлган трансформатор пунктини ўрнатиш ишлари бошланди
Бухоро шаҳридаги Оқмачит ва Ҳилол Бухорий кўчаларининг электр энергияси таъминоти яхшиланади. Бу ҳақда «Бухоро ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонаси шаҳарнинг «Саъди Шерозий» маҳалласида 400 кВА қувватга эга бўлган ГКТП типидаги трансформатор пункти ўрнатиб бермоқда. Ушбу тадбир Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661 сонли «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилмоқда. Эндиликда шаҳарнинг «Саъди Шерозий» маҳалласи Оқмачит ва Ҳилол Бухорий кўчалари аҳолисини меъёр даражасидаги электр энергияси билан таъминлашга эришилади.
Аввалроқ Когондаги қишлоққа қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатилгани, Бухоро туманида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммо масъуллар томонидан ўрганиб чиқилгани хабар қилинган эди.