Бухорода 200 граммдан ортиқ марихуана сотмоқчи бўлган қашқадарёлик фуқаро қўлга тушди

Бухоро вилоятида 200 граммдан ортиқ марихуана гиёҳвандлик моддасини сотмоқчи бўлиб кетаётган қашқадарёлик фуқаро А-380 автомобиль йўлида қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 23 сентябрь куни «Қорадори-2020» тадбирининг «гиёвандлик воситаларини назорат тартибида харид қилиш» бўйича тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида соат 16:30 атрофида Қоровулбозор тумани «Жарқоқ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлида «Nexia» такси автомашинасида Қашқадарёдан Бухоро вилоятига келаётган Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Б.Н. тўхтатилган.

Унинг ёни кўздан кечирилганда 10 дона «AVION» ёзувли гугурт қутиларга алоҳида қадоқланган ҳолдаги ҳамда бир дона целлофан пакетга ўралган, вилоят ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, соф вазни 209,31 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадини кўзлаб олиб келаётганлиги аниқланган. Далилий ашёлар тегишли тартибда холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.Н. га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинганю Маълум қилинишича, ҳозирда астлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тўрақўрғонда иссиқхонасида 28 туп каннабис етиштираётган шахс қўлга олингани, Марғилонда томорқасида 10 туп каннабис етиштираётган шахс аниқлангани, Бешариқда тандирхонасида марихуана сақлаб келган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар