Бухорода ўқитувчи «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида 8 та сертификатни қўлга киритди (фото)

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида мактаб ўқитувчиси «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида фаол иштирок этиб, дастурлаш йўналишида 8 та сертификатга эга бўлди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Ҳусниддин Зайниев Ғиждувон туманидаги 61-ИДУМда информатика фанидан дарс беради. Ҳозирда у бир вақтнинг ўзида 14 та дастурлаш курсларида таҳсил олмоқда.

Қайд этилишича, Ҳ.Зайниев 2006 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Илк фаолиятини Ғиждувон маиший хизмат касб-ҳунар коллежида информатика фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. Педагог 2013 йилга келиб, ўз динамик сайтини яратди, ўқув бўлими учун автоматлаштирилган тизимли дастурини ҳамда мониторинг ишларини назорат қилиш ва автоматлаштириш тизимини ишлаб чиққан. 50 дан ортиқ ўқув ва услубий қўлланмалар, 100 га яқин илмий мақолаларга муаллифлик қилди. Шунингдек, бир қанча мултимедиялар ва электрон дарсликлар яратган.

Фото: Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, айни пайтда Ҳусниддин Зайниев таълим бериш билан бир қаторда Android тизимлари учун дастурлар тузиш, «NET» платформасида дастурий маҳсулотлар яратиш билан шуғулланиб, Php, Java, Рhyton дастурлаш тилларида иш олиб боряпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода янги ўқув йилида математикага ихтисослаштирилган 4 та мактаб иш бошлаши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар