Чилонзорда 4 киши Ички ишлар ходимини ўткир тиғли жисмлар билан урди — видео

Тошкент шаҳр Чилонзор туманида 1 январь куни 4 нафар шахс Ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, унга ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ҳодиса 31 декабрдан 2021 йилнинг 1 январь кунига ўтар кечаси соат 04:00 ларда, Чилонзор тумани, Муқумий кўчасида содир бўлган. Маълум қилинишича, «Маtiz» русумли автомобиль ҳайдовчиси йўл патруль хизмати ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган. Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобиль бетон тўсиқ устига чиқиб тўхтаган.  Автомашинада бўлган 4 нафар фуқаро ҳодиса жойига етиб келган. Ички ишлар бош бошқармаси ЙПХ ва ППХ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатган.

Таъкидланишича, фуқаролардан бир нафари ушланиб, туман Ички ишлар бошқармасига олиб келинган. Қолган 3 нафар фуқаро ҳодиса жойидан яширинган. Ҳозирда барча фуқаролар шахсига аниқлик киритилиб, ҳодиса юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми тартибида жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлгани ҳақда хабар қилинган эди. Шунингдек, Попда ички ишлар ходими ерни ноқонуний эгаллаб олган эркакка тан жароҳати етказгани маълум қилинган.

Янгиликлар