Чортоқ чегарасида 160 млн сўмлик дориларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар ушланди
Наманган вилояти Чортоқ тумани чегара олди ҳудудида ноқонуний равишда 160 миллион сўмдан ортиқ нархдаги дори-дармон воситаларини Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Наманган вилоятининг Чортоқ тумани чегара олди ҳудудида Давлат чегараси орқали ноқонуний равишда умумий қиймати 160 500 000 сўмлик сифати кафолатланмаган 15 турдаги дори-дармон воситаларининг олиб ўтилишига чек қўйилган.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат тумани Дўстлик аҳоли пункти чегара олди ҳудудида ўз хизмат бурчини олиб бораётган чегарачилар томонидан Давлат чегарасидан умумий қиймати 84 миллион сўмга тенг бўлган 1200 дона тиббиёт воситаларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишинин олди олинган.
Қўлга олинган қонунбузарлар ва уларнинг юклари белгиланган тартибда тегишли идораларга топширилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Қирғизистондан Наманганга улоқтирилган гашишни сотмоқчи бўлган шахс ДХХ томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.