Чортоқда 3 нафар қиз қўшимча грант асосида талабаликка қабул қилинди

Наманган вилояти Чортоқ туманида 3 нафар қиз олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Чортоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Наманган «Ёшлар маркази»да олий таълим муассасаларига қўшимча грант асосида қабул қилинган хотин-қизларни табриклаш маросими ўтказилган. Тадбирда бир нечта давлат ташкилоти вакиллари қатнашган. Грант асосида ўқишга қабул қилинган қизларнинг уч нафари Чортоқ туманиданлиги маълум қилинди.

«Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун берилган яна бир имкониятлардан бири бу 2020—2021 ўқув йилида хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига берилган грант ўринларининг 4 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти ажратилгани бўлди», дейилади хабарда.

Фото: Чортоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Наманган «Ёшлар маркази»да ўтказилган тақдирлаш маросимида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ирода Қўчқорова ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Тохиржон Каримовлар ана шундай имтиёз асосида талабаликка қабул қилинган 76 нафар қизларни табриклаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мингбулоқда грант асосида ўқишга кирган 5 нафар қизга сертификат берилганди. Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институтига 13 нафар хотин-киз имтиёз асосида талабаликка қабул қилингани хабар қилинганди.

Янгиликлар