Фарғона туманида 420 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди (фото)
Фарғона вилояти Фарғона туманидаги «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғинида 420 ўринга мўлжалланган янги мактаб фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона туманида «Илғор» маҳалласида 420 ўринли янги қурилган 24-сонли мактаб жиҳозланиб, фойдаланишга топширилган.
Мактабнинг очилиш маросимида туман ҳокими сўзга чиқди.
«Тумандаги бу каби замонавий объектлар баркамол авлодни етиштириш ва келажак учун етук кадрларни тайёрлаб беришда муҳим омилдир», — деди ҳоким.
«Илғор» МФЙ раиси тадбирда сўзга чиқиб, болалар кўп йиллардан бери қишнинг ёмғирли ва совуқ кунларида мактабга боришга қийналганлигини таъкидлаб ўтди.
«Кўп йиллардан бери фарзандларимиз қишда, ёмғирли ва совуқ кунларда мактабга боришга қийналишарди. Мутасадди раҳбарларимиз бизнинг мурожаатларимизни эътибордан четда қолдирмаганидан қишлоқ аҳли жудаям миннатдор», — дейди «Илғор» МФЙ раиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жондор туманидаги мактаб 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирланганди. Шунингдек, Тойлоқда умумий қиймати салкам 4,5 миллиард бўлган 2 та мактаб биноси фойдаланишга топширилгани хабар қилинганди.