Тойлоқда умумий қиймати салкам 4,5 млрд бўлган 2 та мактаб биноси фойдаланишга топширилди (фото)

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг икки ҳудудида умумий қиймати салкам 4,5 миллиард сўм бўлган иккита мактаб биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, тумандаги 47-умумтаълим мактаб биноси 1983—1986 йилларда 620 ўринга мўлжаллаб қурилган. Ҳозирда мазкур таълим даргоҳида 1433 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса таълим-тарбия бериш сифатига салбий таъсир кўрсатади. Шу туфайли 2020 йилда мактаб ҳудудида сармоя дастури асосида 2 миллиард сўм маблағ эвазига 360 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мактаб биносининг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Баҳодир Бабоназаров қишлоқ аҳлини ўқув йилининг бошланиши ва янги ўқув биносининг очилиши билан табриклади. Бино қурилишида иштирок этган «Техноробот» хусусий корхонаси қурувчиларига миннатдорчилик билдирди ҳамда эсдалик совғаларинини топширди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Худди шундай тадбир туманнинг Ўртақишлоқ қишлоғида жойлашган 41-умумтаълим мактабида ҳам ташкил этилди. Мактаб биноси 784 ўринли сармоя дастури асосида капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Таъмирлаш ишларига 2 миллиард 400 минг сўм маблағ сарфланган бўлса, яна 2 миллиард сўмлик жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бугунги кунда ўқув даргоҳида 1016 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Aввалроқ Ромитанда 12 миллиард сўмга қурилган боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар