Фарғонада ўрнатилган Янги йил арчаси ёниб кетди — видео

Фарғона вилояти Фарғона шаҳридаги марказий деҳқон бозори олдига ўрнатилган Янги йил арчаси 23 декабрь куни ёниб кетди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Хабарга кўра, Янги йил арчаси ўрнатилаётган пайтда арчани ундаги чироқларда қисқа туташув сабаб ёнғин келиб чиққан ва арча тўлиқ ёниб кетган. Шунингдек, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига арча ёнаётгани тўғрисидаги хабар 23 декабрь куни соат 13:26 да келиб тушган.

Маълум қилинишича, ёнғинни бартараф қилиш учун 1 та ёнғин қутқарув экипажи жалб этилган. Чақирувга соат 13:27 да чиқилиб, 13:30 да етиб борилган ва ёнғин 13:33 да тўлиқ ўчирилган. Ёнғин оқибатида жароҳат олганлар ва қурбонлар йўқ. Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ янги йилни нишонлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг белгиланган тартиби эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистондаги мактабларда арча безатиш ва янги йил байрамини нишонлаш тақиқлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар