Ғиждувонда илк давлат боғчаси анъанавий фаолиятини бошлади
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 2 октябрь, жума куни биринчи давлат боғчаси анъанавий фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, тумандаги 2418 нафар боғча ходими COVID-19 вируси учун СЭОМ ходимлари томонидан тестдан ўтказилган. Текширишлар оқибатида мактабгача таълим соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган ишчи-ходимларда COVID-19 вируси аниқланмаган.
Хабарга кўра, тумандаги «Дегрезон» маҳалласи Дегрезон кўчаси 28-уйда жойлашган 8-давлат боғчаси 2 октябрь куни СЭОМ хулосасига асосан болалар қабулини бошлаган. Пандемиядан кейин илк кунда боғчанинг битта катта гуруҳига 10 нафар бола қабул қилинган.
Аввалроқ Ромитанда 12 миллиард сўмга қурилган боғча, Ургутда салкам 3,5 миллиард сўмга қурилган хусусий боғча фойдаланишга топширилгани хабар қилинган эди.