Қиймати 100 миллион доллар бўлган Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу автомобиль йўли 3 йилда қуриб битказилади
Бухоро ҳокими Фарҳод Умаров Хитойнинг «China Railway 20 Bureau Group Corporation» компанияси вакиллари билан 17 сентябрь куни учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари Fang Limen А-380-Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу автомобиль йўли лойиҳасини амалга ошириш ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, 100 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа Осиё Тараққиёт Банки томонидан молиялаштирилади. У уч йилда тўлиқ амалга оширилади. Хитой компанияси вакиллари лойиҳани бажариш имкониятларини ўрганиб чиқишган. Улар ўзбекистонлик мутахассислар ва маҳаллий пудратчилар ёрдамидан кенг фойдаланишмоқчи эканини маълум қилган.
Хабарда айтилишича, халқаро аҳамиятдаги А-380-Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу автомобиль йўли бўлимларида яна 87 километр йўл жаҳон стандартларига мос сифатда қуриб битказилади. Шунингдек, вилоят мутасаддилари жараёнда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишда ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.
Аввалроқ Осиё тараққиёт банки маблағи эвазига Тошкент—Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизими ўрнатилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Наманган—Aндижон—Марғилон—Қўқон электрлаштирилган ҳалқа темир йўли очилгани маълум қилинди. Кейинчалик йўл қурилиши соҳасида Ўзбекистон—Германия қўшма корхонаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.