Хоразмда 2021 йилда ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш учун 500 млрд сўм ажратилади

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида 2021 йилда ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш учун 500 миллиард сўм кредит ресурси ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Хоразм вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилинган. Ҳар бир шаҳар ва туман, маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, «ўсиш нуқталари» белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хусусан, Урганч шаҳрида тўқимачилик ва туризм, Хива шаҳрида туризм ва қурилиш материаллари, Гурлан туманида тўқимачилик ва иссиқхона хўжалиги, Янгибозор туманида иссиқхона ва мева-сабзавотни қайта ишлаш, Тупроққалъа туманида машинасозлик ва электр техникаси каби йўналишларни ривожлантириш мумкинлиги қайд этилган. Шу йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга вазирлик ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Барча лойиҳалар 16 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, 2021 йилда вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш мақсадларига 500 миллиард сўм кредит ресурси ажратилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига жўнаб кетгани ҳақида маълум қилинган эди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев раҳбарларни тизимли ишлашга чақиргани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Президент Хоразм ва Қорақалпоғистонни боғлаш учун 413 метрлик кўприк қуриш учун топшириқ берган.

Янгиликлар