Коронaвирус аломатларини энди сезаётган бемор қайси лаборатор диагностика усулидан ўтиши керак? Мутахассис жавоб берди
AОКAда 1 октябрь, пайшанба куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Aбдусаматова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Шунингдек, брифингда коронавирус аломатларини энди сезаётган бемор қайси лаборатор диагностика усулидан ўтиши кераклиги ҳақидаги саволга мутахассис томонидан жавоб берилди.
Мутахассис жавобига кўра, коронавирус инфекциясига текширувдан ўтиш учун, аввало, шифокор кўригидан ўтиш керак. Маълум қилинишича, шифокор кўригидан ўтган кишида касаллик аломатлари бўлса ва эпидемиологик кўрсатма берилса, уни коронавирусда гумон қилиб текшириш мумкин. Брифингда мутахассис томонидан ҳар иккала усул ҳақида маълумот берилди:
- ПЗР — Полимераза занжир реакция. Бунда юқори нафас йўллари шиллиқ қаватидан олинган намунада коронавируснинг генетик материали (РНК) бор ёки йўқлиги аниқланади. Намуна олиш нисбатан тез ва оғриқсиз кечади;
- Aнтитана экспресс тест — бу усул COVID-19 касаллигининг кечиш даражасини аниқлаб берувчи қўшимча текширув усули ҳисобланади. Бунда бемордан олинган қон намунасида коронавирусга қарши организмда ишлаб чиқарилган антитаналар, яъни IgM ёки IgG иммуноглобулинлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мумкин.
Маълумотга кўра, ПЗР анализ касалликнинг инкубацион (яширин) даврида ҳам ижобий натижа олиш ва барвақт ташхис қўйиш имконини беради. Вирус организмга кирганига 5—7 кун бўлгандан бошлаб мусбат натижа олиш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу усулни CОVID-19 диагностикасининг асосий усули сифатида тавсия қилган.
«Хулоса қиладиган бўлсак, экспресс тестлар орқали касалликнинг инкубацион даврини аниқлаб бўлмайди. ПЗР усулида эса вирусга нисбатан организмда иммунитет бор ёки йўқлигини аниқлаб бўлмайди. Касаллик белгилари мавжуд бўлган беморлар учун ҳар икки усул ҳам самарали», — дейди Барно Aбдусаматова.
Аввалроқ Россия Ўзбекистонга 35 миллион доза коронавирусга қарши вакцина етказиб бериши, Aндижонга COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун 35 нафар россиялик шифокор келгани ҳақида хабар қилинганди.