Aндижонга COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун 35 нафар россиялик шифокор келди
Aндижон вилоятига COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун 35 нафар россиялик шифокор келди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 сентябрь куни Андижон вилоятига коронавирусга қарши курашда шифокорларга кўмак бериш мақсадида яна бир гуруҳ россиялик мутахассислар ташриф буюрди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов COVID-19’га чалинган беморларни даволаш ишларида тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатадиган шифокорлар билан учрашди.
Россиянинг нуфузли шифохоналаридан етиб келган 35 нафар тиббиёт ходимининг орасида эпидемиолог, пульмонолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист, рентгенолог, терапевт, жарроҳ шифокорлар, диагностика мутахассислари ҳамда анестезист ҳамшираларининг бир гуруҳи бор.
Аввалроқ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун хитойлик ва 40 нафар россиялик шифокор келгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорога ҳамда Самарқандга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 4 нафардан шифокор келгани маълум қилинди. Бундан ташқари, Бухорога коронавирусга қарши курашда ёрдам бергани германиялик мутахассислар ҳам келган, Тошкентда эса хитойлик шифокорлар иштирокида ҳудудлардаги ҳолати оғир беморларни даволаш юзасидан консилиум ўтказилган эди.