Тошкентда бўлиб турган хитойлик шифокорлар иштирокида ҳудудлардаги ҳолати оғир беморларни даволаш юзасидан консилиум ўтказилди

Тошкент шаҳрида бўлиб турган хитойлик шифокорлар иштирокида ҳудудлардаги ҳолати оғир беморларни даволаш юзасидан телемедицина орқали консилиум ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, хитойлик мутахассислар Ўзбекистон шифокорлари билан мамлакатда коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўлланилаётган протокол бўйича ҳам фикр алмашишган ҳамда ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, зарур тавсияларни беришган.

Қайд этилишича, хитойлик шифокорлар гуруҳи Тошкент шаҳрида ташкил этилган Саралаш ва тақсимлаш марказларида беморларни даволаш ишларида иштирок этмоқда.

Маълумот ўрнида, консилиум бу — беморга ташхис қўйиш ва даволаш масалаларини ҳал этиш учун ўтказиладиган, беморга бевосита алоқадор бўлмаган тиббиёт мутахассислари кенгаши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун хитойлик ва 40 нафар россиялик шифокор келгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорога ҳамда Самарқандга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 4 нафардан шифокор келгани маълум қилинди.

Янгиликлар