Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун Хитойдан шифокорлар келди

Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу борадаги жаҳон тажрибасини амалиётга татбиқ қилиш мақсадида турли давлатларда фаолият юритаётган шифокорлар мамлакатга таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкентда 15 август куни бош вазири ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Беҳзод Мусаев иштирокида Хитойдан таклиф этилган вирусолог, эпидемиолог, хирург, пульмонолог, фтизиатр, невролог каби мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида оғир аҳволдаги беморларга консультациялар бериш, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан ҳамкорликда хитойлик мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва онлайн конференциялар ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистонда ўзбек-хитой тиббиёт марказини ташкил этиш каби масалалар келишиб олинди.

Режага кўра, мутахассислар гуруҳи сентябрь ойига қадар мамлакатда бўлиб, коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича маҳаллий шифокорлар билан тажриба алмашди.

Шунингдек, хитойлик шифокорлар ССВ ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари билан мулоқот ўтказади. Ўзбекистондаги коронавирусга ихтисослашган шифохоналар, саралаш ва тақсимлаш марказларининг иши билан танишиб, амалий тавсиялар беради.

Ундан ташқари, 16 август куни Россиянинг тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган анестезиолог-реаниматолог, терапевт, пульмонолог, хирург, инфекционист, кардиолог, невролог, тез тиббий ёрдам шифокори, педиатр ва болалар жарроҳи каби 40 нафар мутахассисдан иборат нуфузли тиббий гуруҳ ташрифи кутилмоқда. Улар пойтахтимиз ва касаллик даражаси юқори бўлган вилоятларда бўлиб, бир ой давомида коронавирусга қарши курашда юртимиз шифокорлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади.

Маълумот учун, шу кунга қадар Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, Туркия каби давлатларнинг мутахассислари Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида қатнашиб, ўз тавсияларини берди.

Аввалроқ коронавирус юқтирган бемор бепуштликка чалиниши ҳақидаги хабарларга мутахассис изоҳ берганди.

Янгиликлар