Коронавирус юқтирган бемор бепуштликка чалинадими?

АОКА ҳузуридаги штабда 2 август куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда вирус юқтирган беморлар бепуштликка чалинишлари хақидаги саволга жавоб берилган.

Кадр: YouTube

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматованинг таькидлашича, коронавирус касаллигига чалинган беморларда бепуштлик ривожланиши исботланмаган. Брифинг давомида, шунингдек, ҳомиладор аёлда короновирус касаллиги бўлмаса, туғруқ пайтида эри ёки яқин қариндошлари ҳамроҳлик қилишларига рухсат берилмаётганлигига изоҳ берилган.

Таькидланишича, туғруқ вақтида ҳамроҳлик эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда чекланиши керак. Ҳомиладор аёлларга оила аъзолари ва яқинлари билан алоқада бўлиш учун турли хил видеоалоқа воситалардан фойдаланиш тавсия этилади. Ушбу чоралар касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда касал аёллардан туғилган чақалоқларда короновирус инфекциясига текширув ўтказилиши бўйича маьлумот берилган.

«Янги туғилган чақалоқни короновирус инфекциясига текшируви туғилгандан сўнг 12—24 соат ўтгач амалга оширилади. Натижаларни тасдиқлаш учун такрорий тест 24 соатдан кейин амалга оширилади.
Текширув учун биоматериал сифатида бурун-халқум ёки оғиз-халқумдан суртма олинади», — дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова.

Аввалроқ Тошкентда коронавирусга чалинган 22 ёшли ва 34 ёшли ҳомиладор аёл вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Маьлумот ўрнида, Ўзбекистонда 2 август соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 257 кишига ошиб, 25 040 нафарни ташкил этган. Шулардан 15 299 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган бўлса, 9592 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Янгиликлар