«Коррупция бозорга киришдан бошланади» — Шерзод Қудратхўжаев
Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев коррупцияга қарши курашишни бозорлардан бошлашни таклиф қилди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
«Одатда кўп қаватли ‘Makro’ ёки ‘Korzinka’га кирсангиз, ёнида беш қаватли автотураргоҳ бепул ёки олдида стоянкаси бор. Уни қуришга қанча пул кетган!? Лекин кичкина бозорга кирсангиз, қора буткада икки киши ўтирган бўлади. Юзини ҳам кўрмайсиз, фақат қўли чиқади, пулингизни олади бўлди. Чек бермайди, берган чеки ҳам сохта бўлади. Коррупция бозорга киришдан бошланади.
Ҳатто, кичкина бозорга кирсангиз ҳам қора бутка бўлади. Шлагбаумни тушириб қўяди. Чиқиб кета олмайсиз. Лекин у ерда ҳеч қандай хизмат ҳам кўрсатилмайди. Шунинг учун коррупцияга қарши курашишни бозорлардан бошласак, бунинг самараси яхши бўлади», — дейди Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев.
Йиғилишда бозор мутасаддилари фаолияти ҳам танқид остига олинди. Хусусан, «Сергели деҳқон бозори» директори бозорга шахсий мулки сифатида қараб, тушумларни ва бозор мулкини талон-торож қилиш билан шуғулланиб келгани айтилди. У атрофига ўзига хайрихоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 миллиард сўмлик тушум пулларини ўмаргани, 919 миллион сўмлик солиқдан бўйин товлагани ва бозорда 124 та ноқонуний қурилма қурдиргани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янгиободдаги бозор директорининг ўзлаштирган пулларига 5 хонали квартира ва «Trailblazer» сотиб олгани аниқлангани, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жами 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани учун жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилган эди.