Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани маълум бўлди
Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Ўзбекистонда ўтган икки йилда 1 986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълумотларга кўра, ўтган икки йилда 1986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 триллион сўмдан ошган.
Мазкур йиғилишда прокуратуранинг назорат тадбирлари ҳамда тергов натижалари таҳлили асосида коррупция энг кўп учраётган соҳалар, вазирлик ва идоралар кесимида мисоллар ва рақамларда кўрсатиб берилди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг қайд этишича, ўтган икки йилда республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бунинг учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётганлиги танқид остига олинди.
Бундан ташқари ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн. сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2 000 доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилган.
Шунингдек, Ғазначиликнинг андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 миллиард сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
Вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Таъкидланиншича, жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. «Халқ банки» кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаро номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.