Марғилонда томорқасида 10 туп каннабис етиштираётган шахс аниқланди
Фарғона вилояти Марғилон туманида томорқасида 10 туп каннабис етиштираётган А.Р. қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, мазкур жиноят 17 сентябрь куни ички ишлар бошқармаси ўз хавфсизлик бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят Марғилон шаҳар ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Фуқаро А.Р. каннабис етиштиришдан ташқари яшаш хонадонининг девори тагида марихуана сақлаб келаётганлиги ошкор бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси (Тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми ва 276-моддасининг (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.
Аввалроқ Самарқандда уйида 13 туп каннабис етиштирган, опий ва марихуана сақлаган шахс аниқлангани, Олтиариқда узум боғидан 13 туп каннабис топилган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.