Олтиариқда узум боғидан 13 туп каннабис топилган фуқаро қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи фуқаронинг узум боғидан 13 туп каннабис топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Олтиариқ туманида 11 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида «Қўрғонча» МФЙ ҳудудида яшовчи П.Ш.нинг узум боғи холислар иштирокида кўздан кечирилган. У ерда 13 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимликларини етиштирилаётганлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида рамийлаштирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Самарқандда уйида 13 туп каннабис етиштирган шахс аниқлангани, Фарғонада уйида кўп миқдорда марихуана сақлаган шахс қўлга олингани, хонадонида 3 туп каннабис етиштириб келган  шахс ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар