Самарқандда уйида 13 туп каннабис етиштирган, опий ва марихуана сақлаган шахс аниқланди

Самарқанд шаҳрида яшовчи И.Н.нинг хонадони, ёрдамчи хўжалиги ҳамда томорқа ерларидан гиёҳванд моддалари топилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Манбага кўра, фуқаро И.Н.нинг чўнтагидан шаффоф целлофан пакетга ўралган оғирлиги 0,04 грамм опий гиёҳванд моддасига ўхшаш модда топилган. Шунингдек, томорқа ерида узунлиги 1 метрдан 3,80 метргача бўлган жами 13 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги парваришланаётганлиги аниқланган.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Бунга қўшимча, хонадон ертўласи кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам қуритилган 3 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги пояси ҳамда вазни 22,9 грамм ўткир ҳидли марихуана гиёҳванд моддасига ўхшаш модда борлиги маълум бўлган. Яна хонадон гаражида 45,3 грамм марихуана ўсимлик уруғлари яширилганлиги аниқланган.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан тақдим этилган экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган воситалар 0,04 грамм опий гиёҳванд моддаси, 13 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги, 451,2 грамм  қуритилган каннабис ўсимлиги, 22,9 грамм марихуана гиёҳванд моддаси ҳамда умумий оғирлиги 45,3 грамм ўсимлик уруғи эканлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада уйида кўп миқдорда марихуана сақлаган шахс, Қўштепада хонадонида 3 туп каннабис етиштирган шахс қўлга олингани хабар қиинган эди.

Янгиликлар