Фарғонада уйида кўп миқдорда марихуана сақлаган шахс аниқланди

Фарғона вилояти Фарғона туманида фуқаронинг уйидан марихуана гиёҳвандлик моддаси топилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Фарғона туманида 26 август куни ўтказилган тезкор тадбир давомида «Юқори Гулшан» МФЙ ҳудудида яшовчи У.Т.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда кўп миқдорда марихуана гиёҳвандлик моддаси сақлаб келаётганлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 1,3 грамм гашишни 800 минг сўмга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани, Қўштепада уйида 41 туп каннабис етиштириб келаётган шахс аниқлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар