Самарқанд шаҳрида 1,3 гр гашишни 800 минг сўмга сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушди

Самарқанд шаҳрида 27 август, пайшанба куни 800 000 сўм эвазига 1,3 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотмоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Жомбой туманидаги «Тошкент» МФЙда яшовчи М.М. 27 август куни Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчасида С.С. исмли шахсга 800 000 сўм эвазига 1,3 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ҳодиса жойида ушланган. Фуқаро М.М. Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИО ФМБ) 3-сонли ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томондан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Балиқчида 900 грамм нашани қарийб 2 миллион сўмга, Андижонда гашиш гиёҳвандлик моддасини 4 минг долларга сотаётган шахслар қўлга олингани ҳамда Наманганда қарийб 500 грамм гашишни ЙПХ масканидан олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Фарғонада уйида 22 туп, Пахтачида томорқасида 19 туп, Пастдарғомда 8 туп, Самарқандда ҳовлисида 2 туп, Шофирконда 11 туп, Қўштепада хонадонида 14 туп, Попда яшаш ҳовлисида 19 туп, Фарғона туманида 7 туп каннабис ўсимлигини парваришлаган фуқароларга жиноят иши очилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар