Попда яшаш ҳовлисида 19 туп каннабис гиёҳванд ўсимлигини етиштирган шахс аниқланди (фото)

Наманган вилояти Поп тумани ҳудудида 2020 йил 3 август куни ўтказилган «Қорадори-2020» тадбирида давомида уйида каннабис гиёҳванд ўсимлигини сақлаб келаётган 59 ёшли фуқаро аниқланди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Поп тумани «Уйғур» маҳалласида яшовчи 59 ёшли А.А.нинг яшаш уйи холислар ҳамда мутахассис агроном иштирокида кўздан кечирилганда уй ҳовлисидаги экин майдонида бўлган мевали дарахтлар орасида жами 10  метр квадрат  майдонда 19 туп каннабис ўсимликларини қонунга хилоф равишда парваришлаб келаётганлиги аниқланган. Шунингдек, фуқаро молхонасида 4 дона алоҳида қоғоз пакетларга ўралган қуруқ ҳолатдаги жами 4,317 грамм каннабис ўсимлигининг қуритилганини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги маълум бўлган. Гиёҳванд моддалар тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, тадқиқот учун тақдим этилган илдизи тўқ яшил-сарғимтир рангли янги узилган ўткир каннабис ўсимлигига хос ҳидли, таналари ёғочлашган, баргларининг четки қисми аррасимон шаклли, шохлари кенг шохланган ҳолатдаги ўсимликлар ҳамда 4 дона алоҳида қоғоз пакетларга ўралган қуруқ ҳолатдаги, яшил-сарғимтир ҳолатдаги, илдизсиз моддалар таркибида тетрогидроканнабинол сақловчи каннабис деб аталувчи, оғирлиги 4,317 грамм гиёхвандлик воситаси эканлиги кўрсатилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

Ҳолат юзасидан Поп туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-модда 2-қисми «а» банди (Гиёвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) ва 270-модда 1-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Наманганда фуқаро ҳовлисига 19 туп наша эккани ва молхонасида нашасимон ўсимликлар сақлаётгани аниқлангани, Самарқандда ҳовлисида гиёҳвандлик моддасини етиштирганлар ушлангани ва Фарғона туманида 7 туп каннабис ўсимлигини парваришлаган фуқарога жиноят иши очилгани ҳақида хабар берилганди.